Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш тартиби белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24 ноябрь 2021 йилдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 709-сонли қарори билан Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади.

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаси қуйидаги ўлчамларда ижарага берилади:

сабзавот-полизчилик йўналишига — камида 3 гектар;

боғдорчилик, узумчилик йўналишига — камида 3 гектар;

чорва озуқа экинларини етиштириш учун бир шартли бош чорва молга ҳисоблаганда суғориладиган ерлардан — камида 0,3 гектар, лалмикор ерлардан — камида 1 гектар, яйловлар ва пичанзорлардан — камида 2 гектар;

пахта ва ғаллачилик йўналишига — камида 30 гектар;

ғаллачилик ва сабзавотчилик йўналишига — камида 10 гектар;

сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштиришга — камида 0,01 гектар.

Кадастр йиғмажилдини (паспортини) тайёрлаш ва ер участкасини давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш харажатлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Жисмоний ва юридик шахслар ваколатли органлар томонидан мурожаатни кўриб чиқиш асоссиз равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

Ушбу ҳолатда мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари юзасидан берилган шикоятлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон қўшимча равишда оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлигининг расмий веб-сайти ва газеталарида ҳам эълон қилиниши мумкин.

Очиқ электрон танлов хабарнома ва лот ҳақида эълон берилган кундан бошлаб 15 календарь кунидан сўнг ўтказилади.

Талабгорлар очиқ электрон танловда иштирок этиш учун:

савдо платформаси орқали ушбу Регламентга 3-иловада келтирилган шаклдаги аризани ЭРИ билан тасдиқлаб юборади;

ер участкаси майдони 30 гектаргача бўлганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, 30 гектардан 100 гектаргача бўлган ҳолларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, 100 гектар ёки ундан кўп бўлганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдоридаги закалат пулини операторнинг махсус депозит ҳисобварағига киритади.

Шунингдек, мазкур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24 ноябрь 2021 йилдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 709-сонли қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага беришнинг маъмурий регламенти ҳам тасдиқланди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш деганда нимани тушунамиз?

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ижара ҳақи эвазига иккиламчи ижарага олувчига белгиланган муддатга фойдаланиш учун бериш тушунилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари иккиламчи ижарага ихтиёрийлик асосида иккиламчи ижарага берувчининг ташаббуси билан иккиламчи ижарага олувчининг розилигига кўра фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида берилади.

Қуйидаги ер участкалари иккиламчи ижарага берилмайди:

деҳқон ва томорқа хўжаликлари берилган ер участкалари (Ер кодекснинг 243-моддасига мувофиқ вақтинча фойдаланишга берилиши мумкин);

жамоа боғдорчилиги, полизчилиги ва узумчилиги учун берилган ер участкалари;

инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ижарага берилиб, фойдаланишга киритилмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари.

Шартнома иккиламчи ижарага берувчи ва иккиламчи ижарага олувчи ўртасида ёзма шаклда, қоғоз ёки электрон ҳужжат шаклида тузилади.

Қоғоз шаклидаги шартнома камида 4 нусхада тузилади.

Қуйидаги ҳолларда шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади:

мурожаат ваколатсиз шахс томонидан имзоланган ёки умуман имзоланмаган тақдирда;

иккиламчи ижарага берилаётган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи ижарага берувчига тегишли бўлмаганда;

иккиламчи ижарага берилаётган ер участкаларига бўлган тегишли ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмаганда;

иккиламчи ижарага бериш шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлов амалга оширилмаганда;

қонунчиликка мувофиқ кўрсатилган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш мумкин бўлмаганда.

Хулосада рад этиш асослари аниқ кўрсатилиши шарт.

Мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳолатлар асосида шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилишига йўл қўйилмайди.

Ваколатли орган қароридан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишлари мумкин.

Демак, юқоридаги ваколатли органнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб билан маъмурий судга шикоят қилинади ва бундай низолар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг фақат фойдаланишга киритилган қисми иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

Шартнома тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ёки суд тартибида бекор қилиниши мумкин.

Тарафлар ўртасида шартнома шартларидан келиб чиқадиган низолар ҳамда шартномани бекор қилиш, ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар эса маъмурий суднинг судловига тааллуқли ҳисобланмайди.

Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси

Рахимов Сойибжон

Мансабдор шахсларининг қарорлари юзасидан суд ишларини юритишдаги муаммолар ва такомиллаштириш истиқболлари.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтар экан, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш, бу борада маъмурий судларнинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида, судларнинг ваколатлари кенгайтириш таклифини илгари суриш баробарида, маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколатини бериш масаласига эътибор қаратиб ўтдилар.

Бундан ташқари, энди қарор ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбурияти, уни қабул қилган мансабдорнинг ўзига юклаш, мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан “ошиб борадиган” жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартиби илгари сурилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимидаги нутқларида “Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қиламиз. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаймиз.

Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади»[1], — деб таъкидлаб ўтишди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қонун устиворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги таклифларидан келиб чиққан ҳолда мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос ҳусусиятлари юзасидан қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 913-XII-сонли қонуни билан 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунининг 29-моддасига кўра, ҳокимнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига зид, прокурор протест билдирган қарорлари шу ҳокимнинг ўзи томонидан ёки юқори турувчи ҳоким ёинки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, заруратига қараб эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайта кўриб чиқилади. [2]

Бироқ, 2018 йил 8 январь куни қабул қилиниб, 2019 йил 8 январдан бошлаб кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий             тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунининг59-моддасининг иккинчи қисмига кўра, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш зарурияти қонунчиликдаги ўзгартишлар, жамоат манфаатларига бўлган таҳдиднинг олдини олиш, маъмурий ҳужжатнинг қонунчиликка номувофиқлиги аниқланганлиги сабабли юзага келган ҳолларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатни ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли.

Тўртинчи қисмига кўра эса, маъмурий ҳужжат қонунчиликка мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, у маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши керак.[3]

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидалари амал қилади.[4]

Демак, маъмурий орган ҳисобланган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари ўзининг маъмурий ҳужжатларини қонунчиликка номувофиқлигини аниқланган ҳолларда бекор қилиш ваколатига эга ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунининг 29-моддасига, “Ҳокимнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига зид эканлиги аниқланганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органи ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатни ўз ташаббусига кўра, шунингдек, прокурор протест билдирган қарорлари шу ҳокимнинг ўзи томонидан ёки юқори турувчи ҳоким ёинки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, заруратига қараб эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайта кўриб чиқилади” деган таҳрирда баён этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Судларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ёки хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш натижасида суднинг ҳал қилув қарори билан мансабдор шахсларга фақат низо предмети бўйича мажбурият юклаш билан чекланади.

Бироқ, бу билан ариза билан мурожаат қилган шахснинг ҳуқуқлари суд томонидан тўлиқ ҳимоя қилинмаган ҳисобланади. Чунки, мансабдор шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракати ёки қонунга зид қарори натижасида фуқаро ва тадбиркорлар ёки юридик шахслар моддий ва маънавий зарар кўриши табиий. Ушбу ҳолатда етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлса-да, бироқ амалиётда ҳар доим ҳам ушбу ҳуқуқдан фойдаланилмайди. Чунки, етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилишда манфаатдор шахс судга тегишла тартибда такроран ҳужжатлар тайёрлаши, давлат божи ва почта ҳаражатларини тўлаши, бундан ташқари, яна суд муҳокамасини кутиши керак бўлади. Бундай имконият ҳар доим ҳам ҳаммада бирдек бўлавермайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасига кўра зарарни тўлаш ва маънавий зиённи қоплаш бу фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан бири ҳисобланади.

Судлар томонидан моддий ва маъанавий зарарни ундириш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш механизмини таҳлил қилганимизда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддасига кўра, фуқаронинг меҳнат, пенсия ва уй-жойга доир ҳуқуқларни тиклаш, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариб бериш, ғайриқонуний ҳукм қилиш, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида ғайриқонуний қамоққа олиш ёхуд ҳибсга олиш тарзида ғайриқонуний маъмурий жазо қўллаш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшаш жойидаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин ва фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 38-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплаши шарт.

Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш оқибатида жисмоний шахсга, корхона, муассаса, ташкилотга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки давлатга етказилган мулкий зарар белгилаб қўйилган базавий ҳисоблаш миқдоридан кўп бўлмаса, бевосита маъмурий орган (мансабдор шахс) жазо қўлланиш пайтида айбдор бу зарарни қоплаши тўғрисидаги масалани ҳам ҳал этишга ҳақлидир, жиноят ишлари бўйича суд эса — бу масалани етказилган зарар миқдоридан қатъи назар ҳал қилиш ваколатига эга ҳисобланади.

Бошқа ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган мулкий зарарни қоплаш фуқаролик-ҳуқуқий тартибида ҳал қилинади.[5]

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг бешинчи бўлими жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш деб номланиб, унда жиноят процессида фуқаровий даъво, бошқа мулкий ундириш тартиби алоҳида 33-боб сифатида киритилган.

Демак, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, маъмурий судлар томонидан ҳам оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган, судда айнан кўрилаётган низо предмети бўйича зарарни қоплаш масаласини бир вақтда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ деб, ҳисоблаймиз.

Чунки жавобгар маъмурий органнинг ноқонуний қарори ва хатти-ҳаракати оқибатида ҳар қандай шахс моддий ва маънавий зарар кўриши мумкин.

Биз маъмурий судларда зарар масаласини ҳал этиш орқали биринчидан, аризачининг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таъминланса, иккинчидан келажакда маъмурий органлар томонидан қасддан қонун талабларини бузиш ҳолатларини камайишига, учинчидан, фуқаро ва юридик шахсларнинг вақти ва маблағи тежалишига, яъни етазилган зарарни ундириш бўйича фуқаролик судига қайта мурожаат қилишнинг олди олинган бўлади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасининг иккинчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги масаласини ҳал қилади.


Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси

Мадрахимов Фахриддин

Сайловчи сайлов участкаси томонидан рўйхатга олинмаса қаерга мурожаат қилади? 

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш, яъни сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни мамлакатимиз тарихида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Демак, сайловчилар доимий ва вақтинча истиқомат қилиш жойи бўйича сайловчилар рўйхатига киритилади. Яъни сайловчи “А” туманида рўйхатда туради, бироқ у “Б” туманида вақтинча яшаб келаётган бўлса, у рўйхатда турган жой бўйича эмас, балки вақтинча ёки доимий яшаётган жой бўйича сайловчилар рўйхатига киритилади.

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

Сайловчилар рўйхатлари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Шунингдек, ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.

Бундан ташқари, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

Сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади.

Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида дастлаб участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин бўлади. Участка сайлов комиссияси эса 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт ҳисобланади.

Агар сайловчи участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорларидан норози бўлган тақдирда эса ушбу ҳаракат ёки қарори устидан участка сайлов комиссияси жойлашган худуддаги туманлараро маъмурий судига шикоят қилиши мумкин.

Шунингдек, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин бўлади. Бунда Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади. Келиб тушган шикоятлар судлар томонидан уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилади.

Наманган туманлараро маъмурий

судининг судьяси Рахимов Сойибжон

ҚАРОР ИЖРОСИДА МУАММОЛАР ЕЧИМИ БОР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 март кунги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5012-сонли қарорида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгилаб берилган. Чунки, айни вақтда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида муҳтарам Президентимизнинг ушбу қарор қабул қилинди. Қарорда алоҳида таъкидланганидек, 2021 йил 1 мартдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилиши, нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати бир ойдан ўн беш кунгача қисқартирилиши, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайдиган бўлди. Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди  маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг таклифлари маъқулланиб, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидиясини ажратиб бориш; Ассоциация ва унинг ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг умумий чекланган сонини 44 нафар этиб белгилаш ҳамда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини икки бараварга ошириш; Ассоциация марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини зарур техника, автотранспорт воситаси, офис анжомлари, мебель жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда бошқа моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббусларини амалга ошириш учун уларга қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратишга кўмаклашиш, мамлакатда демократик жараёнларни барқарор ривожлантириш ва илгари суришда аъзолар ҳамда ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш каби муҳим йўналишларга ҳам алқоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги 5012-сон  ва 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 6181-сон Фармони ижросини таъминлаш бўйича Адлия вазирлиги  томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унинг 41-бандида Фармон ижроси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот тайёрлаш вазифаси юклатилган.

Бугунги кунда вилоятда жами 774 та нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат ва ҳисоб рўйхатидан ўтказилган бўлиб, мазкур нодавлат нотижорат ташкилотларидан 478 таси давлат рўйхатига, 296 та нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳисоб рўйхатига олинган. Рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотларининг аксарияти қисми ёшлар, болалар, бандлик, хотин-қизлар, нуронийлар, атроф-муҳит муаммолари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларидан иборат.

Жумладан, ёшлар ва болалар соҳасида 75 та, хотин-қизлар соҳасида 51 та, нуронийлар соҳасида 40 та ва атроф-муҳит муаммолари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари 178 тани ташкил этади.

Фармон ва “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш юзасидан бошқарма томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимизда эълон қилинаётган йилда амалга оширишга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар сонини ошириш борасида вилоятдаги фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар сифатида “Меҳржон” аёллар ва болалар маркази ҳамда “Тараққиёт” аҳолини турмуш тарзини ривожлантириш маркази давлат дастури ижроси жараёнида иштирок этиш учун жалб қилиш юзасидан Адлия вазирлигига таклиф киритилди.

Бошқарма тижорат ташкилотлари томонидан “ижтимоий шартнома” асосида молиялаштириладиган (грант ажратиладиган) нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини ошириш юзасидан тижорат ташкилотлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилишига кўмаклашиш мақсадида улар иштирокида зарур тадбирларни (учрашувлар) амалга оширишда “кўприк” вазифасини ўтаб келмоқда. Хусусан, ўтган даврда бошқарма ташаббуси билан давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро алоқа ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 6 тадан ортиқ давра суҳбати ва семинар ташкил этилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзолик масаласида оммавий ахборот воситаларида мақолалар эълон қилиш ва аҳоли орасида тарғибот ишларини амалга ошириш борасида “Меҳржон” аёллар
ва болалар маркази, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Фарғона вилоят бўлими, “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази, “Тараққиёт” аҳолини турмуш тарзини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Фарғона вилоят ташкилоти ва унинг туман (шаҳар) бўлинмалари ҳамда Фарғона вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши
ва унинг туман (шаҳар) кенгашларига услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Адлия вазирлиги “Йўл харитаси”нинг 15-банди ижросини таъминлаш учун Фарғона вилоят ҳокими томонидан 2021 йил 19 мартда Фарғона вилоятида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Йўл харитаси ижросини таъминлаш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари билан ҳамкорлиги самарасини янада оширишга эришиш назарда тутилган.

Давлат бошқаруви органлари томонидан бажарилаётган вазифа
ва функцияларни фуқаролик жамияти институтлари орқали амалга ошириш миқдорини кўпайтириш борасида асосий эътибор нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш, давлат органлари билан бирга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, бандлик, ижтимоий хизматлар, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги каби соҳаларда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш ва ечимини топиш бўйича ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилмоқда.

Хуршиджон УМАРОВ, Фарғона вилояти Адлия бошқармасининг Нодавлат нотижрат ташкилотлар бўлими бошлиғи. 

***

ФАРМОН ИЖРОСИ АСОСИЙ ЭЪТИБОРДА

Ўзбекистон Республикаси томонидан “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган. 2021 йил 4 март куни қабул қилинган ушбу 6181-сон Фармонда сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланиб, хусусан, охирги тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1 270 дан ортиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 117 миллиард сўм миқдордаги маблағлар ажратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиш, давлат билан улар ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил қилинди, шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга муносиб ҳисса қўшган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини рағбатлантириш мақсадида «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилди ҳамда соҳанинг 126 нафар фаоллари ушбу юксак мукофот билан тақдирланди.

Кўрилаётган чоралар натижасида сўнгги тўрт йилда фуқаролик жамиятининг энг асосий институти ҳисобланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 20,7 фоизга ошди, шу жумладан 187 та йирик республика нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади.

Шу билан бирга, ушбу ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг яқин ва ўрта муддатли истиқболларини белгилаб олиш зарур.

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» ва «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида “2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Ва қуйидагилар Концепциянинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш;

фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;

давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш;

фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш.

Фармон билан белгилаб қўйилдики, Концепция ҳар икки йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан алоҳида тасдиқланадиган «Йўл харитаси» орқали босқичма-босқич амалга ошириб борилади ва мақсадли кўрсаткичлар қуйидагиларни назарда тутади:

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм маблағлар ажратиш;

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари сонини жами фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонига нисбатан 2021 йилда 10 фоизга, 2025 йилда 30 фоизга етказиш;

ҳар бир давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятида фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сонини (жами жамоатчилик кенгашлари таркибларига киритилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сонига нисбатан) 2021 йилда 5 фоизга, 2025 йилда 25 фоизга етказиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1 000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш;

мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини 2021 йилда 30 тага, 2025 йилдаги давлат дастурида – 50 тага етказиш;

амалдаги жараёнларни соддалаштириш ва профилактик чора-тадбирларни кучайтириш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларни (жами 2020 йилда содир қилинган ҳуқуқбузарликлар сонига нисбатан) 2021 йилда 3,8 фоизга, 2025 йилда 19,2 фоизга камайтириш;

2021 йилда 50 та, 2025 йилда 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

Фармонга мувофиқ, шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади;

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси (кейинги ўринларда — Жамоатчилик палатаси), Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ва индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш адлия органларига юклатилади.

Шундай қилиб,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5012-сон қарори ва 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 6181-сон Фармони ижросини таъминлаш бўйича Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг 41-бандига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 3 маротаба телевидениеда чиқиш қилинди, 40 тадан ортиқ семинар ва давра суҳбати ўтказилди. Фармоннинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2 маротаба телевидениеда, 130 маротабадан ортиқ веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда чиқиш қилинди, 20 тадан ортиқ семинар, давра суҳбати ўтказилди ва 700 тадан ортиқ флаерлар тарқатилди.

2021 йил 19 мартда Фарғона вилоятида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланиб, “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари билан ҳамкорлиги самарасини янада оширишга эришиш назарда тутилган. Жаҳонгир РАҲИМОВ, Фарғона вилояти Адлия бошқармасининг Нодавлат нотижрат ташкилотлар бўлимини етакчи маслаҳатчиси.

Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси

Рахимов Сойибжон

СОЛИҚ АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ ВА УНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Аннотация: Мақола солиқ аудитининг айрим жиҳатларини кўриб чиқишга бағишланган. Ушбу масала, бир томондан, бухгалтерия ҳисоботларини шакиллантириш ва тайёрлашда қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш доирасида таҳлил қилинган бухгалтерия ҳисоботларини аудиторлик текширувидан ўтказишга, бошқа томондан тадбиркорлик субъектлари ва назорат қилувчи органларга солиқ қонунчилигига риоя этилиши тўғрисида аудиторлик ҳисоботларини тақдим этишга имкон беради.

Калит сўзлар: солиқ аудити, бухгалтерия ҳисоби, тегишли хизмат, методология, ҳисобот бериш, қонунчилик, маълумотлар.

Кириш. Республикамизнинг бозор иқтисодиёти шароитига ўтиш муносабати билан янги иқтисодий муносабатларни барпо этиш зарурияти туғилади. Шу боисдан ҳам аудиторлик фаолияти ҳалқаро стандартлар талаби даражасида ташкил қилишни талаб этади.[11] Ушбу мақсадга эришиш йўлида миллий ва халқаро аудит тизимида аудит, аудиторлик фаолияти ва солиқлар аудити каби терминларни бир биридан ажратиб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлар эди. «Аудит» тушунчаси лотинча сўз бўлиб, «аудитинг» — айнан таржимаси «у эшитаяпти», «эшитувчи» деган маъноларни билдиради. Ҳозирги кунда «Аудит», «Аудиторлик фаолияти» ва «Солиқ аудити» каби терминларнинг мавжуд бўлиши, айрим чалкашликларни келтириб чиқармоқда. [6]

«Аудит»- бу авваламбор молиявий ҳисобот аудити назарда тутилади.

«Аудиторлик фаолияти»- бу молиявий ҳисобот аудити билан биргаликда аудиторлик хизматларини ўз ичига олади.

«Солиқ аудити» — бу хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқлар, мажбурий тўловлар ва бюджетдан ташқари фондларга тўловларни тўғри ҳисобланиши, ўз вақтида ва тўлиқ бюджетга тўланиши, қонунчиликка риоя қилинишини мустақил текшириш ҳамда солиқлалари бўйича хизматлар кўрсатишдир.

Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили. Профессор М.М.Тўлаходжаеванинг «Ўзбекистон Республикасида молиявий назорат тизими» номли китобида молиявий ҳисобот аудитига қуйидагича таъриф берилган: «Мустақил малакали мутахассислар томонидан корхонанинг молиявий ҳисоботини ёки у билан боғлиқ молиявий ахборотни ушбу ҳисобот ёки ахборотнинг қонун ва бошқа меъёри ҳужжатларга мувофиқлик даражаси тўғрисида хулоса чиқариш мақсадида тадқиқ этилишидир». [2], [12]

Республикамиз иқтисодчи олими Б.Исроилов «Солиқ аудити – қонунчилик нормалари билан белгиланган солиқ ва солиқларга тенглаштирилган тўловлар интизоми ҳамда назорати солиқ назорати органлари зиммасига юклатилган мажбуриятлар ижросини назорат қилиш мақсадида, ваколатли органлар ёки мулкдорлар томонидан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда солиқ тўловчиларда ўтказиладиган текширувдир» деб тарифлаган [3], [13] Яна бир Республикамиз иқтисодчи олими З.Қурбоновнинг фикрича, «солиқ аудига махсус аудиторлик топшириғи ёки аудитнинг маҳсус йўналиши сифатида қараш керак» деб этироф этган. [4], [5]

Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 3 — моддаси аудиторлик фаолиятига «аудиторлик текширувларини ўтказиш ва турдош хизматлар кўрсатиш бўйича аудиторлик фаолиятини амалга оширувчи тижорат ташкилоти» деб тарифланган. [1] Ўзбекистонда аудиторлик фаолияти мустақил юридик шахс ҳуқуқига эга аудиторлик ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Қонунга кўра, аудиторлик ташкилоти аудиторлик фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган юридик шахсдир. [14], [15]

Тадқиқот методологияси. Мақолани ёзишда қуйидаги метод ва усуллар қўлланилди: соҳа олимларининг ўрганилаётган мавзу юзасида билдирган фикр ва қарашларининг тизимли ва қиёсий таҳлил этлиб, ахборотни қайта ишлаш амалга оширилди.

Таҳлил ва натижалар. Солиқ аудитининг мақсади – корхона тўлайдиган солиқларнинг тўғри ҳисобланганлиги, улар бўйича имтиёзларнинг тўғри қўлланилганлигини аниқлашдан иборат. Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ ҳисоботи меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш, хулоса ишончлилиги юзасидан ҳисобот тайёрлаш ҳамда амалдаги қонунчилик, аудиторлик фаолиятини меъёрий тартибга солувчи тизим, аудитор ва мижоз ўртасидаги ўзаро шартнома мажбуриятлари билан белгиланадиган бошқа солиқлар юзасидан аниқ масалани ечишдан иборатдир.

Солиқ аудитининг асосий вазифалари – бу билвосита солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш, солиқ имтиёзларидан фойдаланишнинг асосларини аниқлаш, солиқ ҳисоботларининг тўғри тузилганлигини текшириш, солиқ ҳисобини тўғри ташкил этиш ва унда солиқ муомалаларини акс эттириш жараёнларини тўғри ташкил қилиш ҳисобланади. 

Солиқ аудити молиявий ҳисобот аудитининг алоҳида бир кўриниши сифатида шаклланиш сари интилмоқда. Солиқ аудити мажбурий молиявий ҳисоботлар аудитининг бир қисми сифатида аудиторлик ташкилотлари томонидан ўтказилиши ҳозирги кунда алоҳида кўзга ташланмоқда. Бунга албатта корхоналарнинг раҳбарлари ташаббуслари билан аудиторлардан солиқ ҳисоби ва ҳисоботи текширилиш талаб қилинади. Аммо, молиявий ҳисобот аудити мижоз корхонанинг солиқ мажбуриятларининг тўлиқ кўламини текшириш имкониятини қамраб ололмайди.[8] Шунинг учун, мижоз корхона солиқ рискини камайтириш, солиқ ҳисобини тўғри ва самарали йўлга қўйишда солиқ ҳисобини тўлиқ текшириши мақсадида алоҳида солиқ аудитини ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Кўпчилик мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган корхоналар аудиторлар томонидан ўтказиладиган аудит текшируви шартномасида солиқ аудити бўйича масалаларни киритишни талаб қилишади.

Одатда ушбу қўшимча масалалар аудитнинг нархини аудиторлик ташкилоти томонидан аудит текшируви нархини оширишга сабаб бўлади. Агарда мижоз корхона ҳақиқатдан ҳам солиқ рискларини камайтириш мақсади бўлса, у ҳолда корхона ўзида тўлиқ солиқ аудити ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблаймиз. Аудиторлик ташкилотлари томонидан солиқ аудити молиявий ҳисобот аудитига қараганда ёппасига текширилиши лозим. Дарҳақиқат, солиқ аудити молиявий ҳисобот аудитига қараганда текшириш кўлами камроқ ва шунинг учун солиқ аудитида ёппасига текшириш методидан фойдаланий мақсадга мувофиқдир.

Асосан солиқ аудитидан халқаро бозорда ўз иқтисодий фаолиятини олиб бораётган йирик компаниялар жаҳон бўйлаб фойдаланишмоқда.[9],[10] Ушбу компанияларнинг оборотлари жуда катта бўлиб, бунинг натижасида солиқ мажбуриятлари кўп ва давлатдан давлатга ажралиб туради. Компаниялар солиқ мажбуриятларини камайтириш, солиқ пенялари ва жарималарнинг олдини олиш мақсадида солиқ аудитидан фойдаланиш биринчи навбатда самаралидир. 

Солиқ аудитининг методлари солиқ органларининг текширув методларига ўхшаш. Агар солиқ текширувидан олдин солиқ аудити ўказилган бўлса, солиқ рискларининг камайишига ва хатоларнинг олдини олишга эришилади.

Солиқ аудити ишларини кучайтириш ва самарали бўлиши учун, аввалом бор, ушбу текширишни олиб борувчи аудиторларнинг малакасини иш сифатини ошириш орқали солиқ аудитининг мақсад ва вазифаларига эришиш мумкин. Солиқ аудитини ўтказишда аудиторлардан қуйидагилар талаб қилинади:Аудиторлар етарли тайёргарлик ва тажрибага эга бўлишлик. Аудитор олдига қўйилган вазифани бажариш учун етарли даражада тажрибага, бухгалтерия ҳисоби, солиқ ҳисоби, бюджет бошқа хўжалик фаолиятининг ташкилий тузулмаси бўйича малакавий даражага эга бўлиши керак. Шу билан бирга ўз касби бўйича доимо билим даражасининг юқори бўлишига интилиши зарур;Солиқ аудитини ўтказишнинг амалларини белгилаш. Ўтказилган солиқ аудити жараёнида у, авваломбор, амалларни тўғри белгиланган бўлиши керак. Бундан ташқари, катта техник иш ҳажмини ёрдамчилар бажариши сабабли, улар устидан етарли даражада назорат ўрнатилиши шарт;Холислик. Албатта, ижтимоий адолат шароитида холислик бўлмаса ҳеч қандай солиқ аудитини текширишнинг кераги бўлмайди, касбий аҳлоқ кодексида холисликнинг зарурлиги ҳақида тўхтаб ўтилган; [7]Етарли даражада исботлар ва маълумотлар йиғиш. Ҳар қандай баҳолаш исботлар ва маълумотларга асосланади. Асослар қанчалик кўп бўлса, баҳо шу даражада кафолатланади, баҳолашни ўтказиш услубиятида, асосан, аудиторнинг тажрибаси ва профессионал мулохазаси муҳим аҳамият касб этади;Аудиторнинг зарурий касбий синчковликка эга бўлиши. Аудитор бажараётган ишнинг сифати учун доимо жавобгардир. Зарур синчковлик бу солиқларни тўлиқ кўздан кечириш, вазифаларнинг тақсимланганлиги ва бажарилаётганлиги, солиқ мажбуриятлари билан боғлиқ бўлан ҳужжатларининг ҳаққонийлигидан иборатдир;

Техник тайёргарлик. Аудитор солиқ аудитини ўтказишда етарли техник тайёргарлик ва тажрибага эга бўлиши ҳам керак.

Жами ходимлар ўз ишларини компьютерларида бажариши учун маҳоратини ошириши керак. Баҳони белгилаш солиқ аудити жараёнида ўзгариб бориши мумкин ва ички назорат тизимига аудитор белгилаган баҳонинг ўзгариши аудиторнинг профессионал мулохазаси ва тўплаган далилларига боғлиқ.

Аудиторлар солиқ органлари каби солиқ бўйича мавжуд хатоларни аниқлаш имкониятига эгадирлар. Булар албатта аудиторларнинг юқоридаги талабларга жавоб бериши билан боғлиқдир. Аудитор солиқ ходимига нисбаттан жарима қўлламайди, балки мавжуд хатони аниқлаб корхона раҳбариятига тақдим этади. Бунда албатта пеня жарималарнинг олдини олишга сабаб бўлади.

Солиқ органлари ходимларининг мақсади корхонада мавжуд хатоларни аниқлаш ва тегишли пеня ва жарималарни қўйиш бўлса, аудиторлар солиқ аудитини ўтказишда корхонадаги мавжуд солиқ бўйича хатоларни аниқлаш ва солиқ органлари текширувига қадар хатони қонун доирасида тўғирлаш юзасидан ўз маслаҳатларини беришдан иборатдир.

Агарда аудитор мижоз корхонанинг солиқ ҳисобидан хатоликларни аниқлаб, ўз таклифларининг бажаралиши устидан ҳеч қандай талабларни аудиторлар қўя олмайдилар. [16] Аммо аудиторлар ушбу хатоликлар қандай миқдордаги жарима ва пеняларга олиб келишини, солиқ органи ходимлари томонидан қандай чоралар кўлланилиши мумкинлиги юзасидан аудитор ўз кўрсатмаларини бериши мақсадга мувофиқдир.

Хулоса ва таклифлар. Солиқ аудитида бюджет билан олиб бориладиган ҳисоб-китоблар аудитор жиддий эътибор бериш лозим бўлган мураккаб объект ҳисобланади. Биринчидан, бюджетга тўланадиган солиқларнинг нотўғри ҳисобланганлиги ва тўланганлиги учун корхонага нисбатан молиявий жазо чоралари қўлланилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса унинг молиявий аҳволига сезиларли даражада таъсир қилади. Иккинчидан, ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини тасдиқловчи аудиторлик хулосалари солиқ инспекцияси томонидан қабул қилиниши айрим ҳолларда шубҳа остига олиниб, қабул қилинмаслиги ҳам мумкин. Сўнги ҳолатда солиқ органи тақдим қилинган аудиторлик хулосасини қайтадан текшириб чиқишга ҳақлидир.

Агар аудитор хулосаси давлат бюджети манфаатларига зид, амалдаги қонунчиликка ва меъёрий ҳужжатларга риоя қилинмасдан, сифатсиз тузилганлиги аниқланса, амалдаги санкциялар кучга киради. Бундай холларда аудитор ёки аудиторлик фирмаси адиторлик фаолияти билан шуғулланишга хуқуқ берадиган лицензиядан маҳрум қилиниши мумкин. Солиқлар тўланишини текширишдан олдин солиққа тортиладиган объект бўйича кўрсаткичларнинг тўғрилиги, солиққа тортиладиган база ва солиқ ставкаларига риоя қилиниши, текширилиши керак.

Аудитор билвосита солиқлар бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларни текширишда малакали маслаҳатчи ва ушбу ҳисоб-китоблар тўлиқ ҳамда ўз вақтида бўлиши учун хайрхох бўлмоғи лозим. Бюджет билан
ҳисоб-китобларда корхона бухгалтерлари томонидан йўл қўйилган хатоларни кўрсатиш билан аудитор ушбу корхонага солиқ инспекцияси томонидан қўлланиладиган молиявий жазо чоралари билан боғлик бўлган зарарлардан қутилиб қолишга ёрдам беради.

Шунинг учун у билвосита солиқларга доир ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги ва уларнинг Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд қонунчиликка мувофиқ ўз вақтида ўтказиб берилишини синчиклаб текшириши лозим. Солиқлар бўйича қарзлар юридик шахсларнинг бюджет олдидаги мажбурияти бўлиб ҳисобланади ва одатда, маълум санада тўланади. Солиқ қонунчилигининг тез-тез ўзгариши ва меъёрий ҳужжатлар айрим қоидаларидаги зиддиятлар билвосита солиқларга доир ҳисоб-китобларда тасодифий хатоларни келитириб чиқариши мумкин. Билвосита солиқлар бўйича қарзлар синчиклаб текширувдан ўтказилганида қуйидаги хатолар аниқланиши мумкин:солиқларни ҳисоб-китоб қилишда бухгалтерия ҳисоби тамойиллари, қонун ҳужжатлари ва юриқномаларнинг нотўғри қўлланиши;

солиқ ставкаларининг нотўғри қўлланилиши;

солиққа тортиладиган базанинг нотўғри аниқланиши;

пеня ва жарималарнинг ноаниқ ҳисобга олиниши.

Бухгалтерия ҳисоботини баҳолашга қуйидагилар таъсир кўрсатади:солиққа тортиш бўйича имтиёз олиш учун хато аҳборотларни тақдим этиш;

солиқ органларига такдим қилинадиган маълумотларнинг бузиб кўрсатилиши ёки яширилиши;

бюджетга қарздорликларни аниқлашда, солиққа тортишдан озод этилганлар сифатида солиққа тортишда ҳисобга олинадиган даромадларни нотўғри туркумлаш ёки ҳисоб-китоб қилиш;

солиққа тортиш бўйича имтиёз олиш учун бош ва шуъба корхоналар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўйича ҳисобда қалбаки муомалаларни акс эттириш.

Ҳар бир билвосита солиққа оид қонунчилик ҳужжатида солиқ ставкаларини қўллаш, солиқ солинадиган базани аниқлаш, солиқларни тўлаш муддатлари, ҳисоботларни тайёрлаш ва ҳаказо талаблар акс эттирилади. Билвосита солиқ мажбуриятларининг нотўғри аниқланиши катта молиявий йўқотишлар келтириб чиқаришини ҳисобга олиб, аудиторлар ушбу участкада текширувларни ташкил этиш ва ўтказиш технологиясига алоҳида эътибор бериши лозим. Текширувни самарали ўтказиш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

бюджет билан ҳисоб-китобларни текширишга юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш;

ходимларни солиққа тортиш масалаларига оид тезкор ахборотлар ва меъёрий хужжатлар билан таъминлаш;

аудиторлар оддий кундалик муаммолар устида такроран ишламасликлари учун, корхона ичида солиққа тортишнинг долзарб масалаларига доир ахборотлар ва ишланмаларни алмашишни ташкил этиш;

мижоз томонидан такдим қилинадиган, солиққа тортиш масалаларига доир ёзма ахборотлар сифатини самарали назорат қилиш;

корхона ичида солиқ бўйича маслаҳат бериш технологиясини барпо қилиш ва бюджет билан ҳисоб-китобларни текшириш натижалари бўйича расмийлаштирилиши лозим бўлган ишчи хужжатларининг махсус шаклларини ишлаб чиқиш.

Билвосита солиқ бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларни текширишда аудиторлик амалларига шаклан риоя қилинишигагина таяниш мумкин эмас. Шунинг учун билвосита солиқ бўйича бюджет билан ҳисоб-китоблар аҳволи тўғрисида якуний хулосани аудиторлар гуруҳининг раҳбари бериши керак.
У билвосита солиқлар бўйича аниқланган барча тафовутларни ва уларнинг солиққа тортиладиган базанинг шаклланишига таъсирини баҳолаш имконига эга бўлади.

Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси

Нишанова Умида

ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИГА СОЛИНАДИГАН СОЛИҚНИНГ ИҚТИСОДИЙ МОҲИЯТИ

Аннотация: Мақола юридик шахсларнинг мол-мулкини солиққа тортиш соҳасидаги муаммоларни аниқлашга бағишланган. Доимий равишда бюджет даромадларини тўлдиришнинг янги усулларини излаш шароитида мамлакатлар солиқ ислоҳотларини амалга оширмоқда, шу жумладан мол-мулкни солиққа тортиш соҳасида. Мақолада мол-мулкни солиққа тортиш соҳасидаги янгиликлар, умуман солиқ ставкалари даражасида ҳам, солиқ базасини шакллантириш тартибида ҳам ушбу соҳадаги глобал тенденциялар ўрганилди. Мақолада кўчмас мулкни солиққа тортиш ислоҳотининг энг муҳим йўналишлари кўрсатилган бўлиб, улар кўчар ва кўчмас мулкни аниқ Қонунчилик билан фарқлаш, кўчмас мулкнинг кадастр қийматини оқилона аниқлаш, хорижий ва маҳаллий иқтисодий адабиётларда мавжуд бўлган ушбу йўналишдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши кераклиги ўрганилди.

Калит сўзлар: солиқ; солиқ солиш; мол-мулк; кўчмас мулк; мол-мулк солиғи; солиқ ставкаси; солиқ имтиёзлари; кадастр қиймати.

Кириш. Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида тадбиркорлик эркинлик, халқчиллик, самарадорлик, манфаатдорлик каби муҳим тамойиллар асосида амалга оширилувчи, иқтисодиётни соғлом рақобат орқали ҳаракатга келтирувчи фаолият сифатида тан олинган. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-кувватлаш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш, миллий даромад ҳажмини кўпайтириш ва миллат фаровонлигини ошириш, мамлакат иқтисодий ўсишининг қўшимча манбаларини яратишдан иборат асосий мақсад кўзда тутилади.

Ҳозирги шароитда солиққа тортиш бўйича амалга оширилаётган изланишларнинг аксарият қисми юридик шахслардан ундириладиган солиқларга бағишланган бўлиб, жисмоний шахслар тўлайдиган солиқларни алоҳида чуқур ўрганишга бағишланган тадқиқотларни сезиларли деб бўлмайди. Хусусан, юридик шахслар тўлайдиган мол-мулк солиқлари бюджет тизимида катта салмоққа эга бўлмаса-да, аммо, солиқ тизимида алоҳида аҳамиятга эгадир.

Юридик шахслар тўлайдиган солиқларни назарий жиҳатдан тадқиқ этиш, бир томондан ушбу солиқларнинг бюджет-солиқ тизимидаги аҳамиятини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан аҳолининг солиқлар хусусидаги фикрларини ижобий бўлишини таъминлайди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, юридик шахслардан ундириладиган солиқларни алоҳида чуқур ўрганадиган илмий изланишларга эҳтиёж мавжуддир. Юридик шахслардан маҳаллий солиқларни ундириш механизмининг самарали эмаслиги, солиқларни ундиришда муаммоларнинг мавжудлиги, солиқларнинг амалдаги ҳаракатини белгиловчи меъёрий ҳужжатлар солиқ воқеъликларини тўлиқ қамраб олмаслиги, яъни мукаммал эмаслиги, маҳаллий солиқлардан мол-мулк солиғини ундириш билан боғлиқ кўпгина муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги вақтда, мамлакатимиз солиқ тизими олдида бозор муносабатларини тўлақонли шакллантириш учун шарт-шароит яратиш билан бир қаторда, давлат бюджетини маблағлар билан таъминлаш ҳамда устивор йўналишдаги иқтисодий фаолиятни солиқлар воситасида қўллаб-қувватлашни талаб этилади.

Бозор иқтисодиётининг шаклланиши ва ривожланиши шароитида мол-мулкни солиққа тортишни амалий аҳамияти ўсиб бормоқда ва шунга мувофиқ келажакда мол-мулкларни солиққа тортиш бўйича кенг илмий изланишларнинг зарурати ошмоқда.

Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили. Солиқлар давлат бюджети даромадларининг марказий институти бўлганига ҳали 200 йил тўлгани ҳам йўқ. Улар қадимги дунёда ҳам олинган, аммо у вақтларда солиқлар озод – эркин бўлмаган кишининг белгиси бўлиб хизмат қилган. Н.И.Тургенев (1818 йил) шуни таъкидлайдики, «билим мувафаққиятлари уларнинг халқлар урф – одатларига фойдалилик даражасига қараб солиқлар тизимининг такомиллашувига ҳам таъсир этган», «…солиқлар билимга эга бўлиш билан бирга пайдо бўлиб, унинг белгиси бўлиб қолди. …Солиқларнинг тайинланиши, тақсимланиши ва йиғилиши усулига қараб халқ орасида тарқалган маълумотлар тўғрисида; йиғиладиган солиқлар миқдорига қараб унинг бойлиги ҳақида фикр юритиш мумкин; бу билимлилик ва маърифатни англатадиган иккита энг асосий хусусиятлардир».

Л.Миронованинг фикрига кўра, солиққа тортиш жараёнида юзага келадиган муносабатлар солиқ ҳуқуқининг предмети ҳисобланади. Аммо бу қараш солиққа оид муносабатларининг барчасини ўз ичига олмайди.

И.Денисов эса солиқ ҳуқуқининг предметини жуда кенгайтириб юборган. Унга кўра «турли даражадаги бюджетларга ва эквиваленти бўлмаган пул тўловларига мажбурий, хусусий эквиваленти бўлмаган пул тўловларининг жорий этилиши ва ундирилиши билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар».

Э.Покачалованинг фикрига кўра эса «солиқнинг предмети юридик ва жисмоний шахслардан бюджет тизимига ва баъзи ҳолларда бюджетдан ташқари мақсадли фондларга солиқларни белгилаш ва ундириш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар».

Тадқиқот методологияси. Мақолани ёзишда қуйидаги метод ва усуллар қўлланилди: тизимли ва омилий таҳлил, функционал ва қиёсий таҳлил, ахборотни қайта ишлаш амалга оширилди.

Таҳлил ва натижалар. Ўзбекистон солиқ тизимида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўғри солиқлар таркибига киради ва моҳиятига кўра бу солиқ асосий фондлар шаклидаги ресурсларга нисбатан белгиланган солиқ ҳисобланади. Мазкур солиқ бўйича тушумлар суммаси тўлиқ маҳаллий бюджетларга тушади ва у бюджетнинг барқарор даромад манбаларидан бири ҳисобланади. 

Мамлакат солиқ тизимида мол-мулк солиғини жорий қилишдан кўзланган мақсад биринчидан, корхоналар ўзларининг хўжалик фаолиятини юритишда ортиқча ва фойдаланилмаётган мол-мулкини сотишга қизиқишини уйғотиш бўлса, иккинчидан, корхоналар балансидаги мол-мулкдан самарали фойдаланишни рағбатлантиришдан иборат. Чунки, корхоналарнинг маънавий ва жисмоний томондан эскирган асосий воситаларини янги, илғор технология-ускуналар билан янгилаши ишлаб чиқарилаётган товарларнинг баҳосини арзонлаштиради ва рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришга имкон беради.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг балансидаги барча мулклардан солиқ тўлашга мажбур қилиш уни ортиқча бино, иншоотлар, машина ва ускуналардан қутилишига ундайди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш воситалари бозорини шакллантиришга, маҳсулот таннархини пасайтиришга ҳамда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Шунингдек, мол-мулк солиғи даромад ва мулк тақсимотидаги номутаносибликни бартараф этишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. 

Мол-мулк бир юридик ёки жисмоний шахснинг маълум бир даврда эга бўлган маълум бойликларига даҳлдор барча иқтисодий қийматликларининг пулдаги ифодасидир. Мулк деганда унумли ва унумсиз истеъмол буюмларини инсонлар томонидан ўзлаштиришнинг белгиланган ижтимоий усули тушинилади.

Солиққа тортиш мақсадида умум қабул қилинган мулк икки гуруҳга — кўчар ва кўчмас мулкка бўлинади. Кўчмас мол-мулкка ер майдонлари, уларда қад ростлаган иморатлар, бинолар ва бошқа муҳим иншоотлар киради. Ваҳоланки, кўчма мулк ўз навбатида сезиларли ва сезилмайдиган мол-мулкдан иборатдир.

Сезиладиган мол-мулкка дастгоҳлар, машиналар, ускуна ва жиҳозлар ҳамда транспорт воситалари кирса, сезилмайдиган мулкка акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар, патентлар ва бошқалар киради. Табиийки, сезилмайдиган кўчма мулкни ҳисобга олиш қийин, шу боис мол-мулкни солиққа тортишда кўчмас мулкка солинадиган ва сезиладиган деб аталмиш кўчма мулкка солинадиган солиқлар асос қилиб олинади.

Мол-мулклар (айниқса унинг кўчмас қисмини) солиққа тортиш вазиятли тўлов (рента) ундириш воситаси сифатида намоён бўлиб, муайян мулкка эгаликнинг ўзи ушбу мулкдан ва мулкдан фойдаланишга асосланган фаолиятдан даромад олиш учун мунтазам ва ўта қулай шарт-шаротларни ташкил қилган.

Мол-мулкни солиққа тортишнинг энг кўхна турларидан бири ер солиғидир. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек давлатчилик ривожланишининг дастлабки даврларида мол-мулк солиқлари, қоидага мувофиқ у ёки бу мол-мулкка эга бўлган мулкдорнинг даромадга эришишига олиб келиши лозим эди. Даромад келтирувчи асосий, баъзан эса ягона манба ер ҳисобланарди. Уша пайтдаги қишлоқ хўжалиги экинларининг бир турдалиги, экинлар парваришининг жуда оддийлиги шароитида мулкда бўлган ернинг умумий майдони солиққа тортиларди.

Мол-мулкни солиққа тортишнинг навбатдаги назарий ва амалий муаммоси мол-мулк эгасининг тўловга қобиллиги (солиқни тўлашга қобиллиги)ни ҳисобга олиш керакми, агар керак бўлса, қай тарзда ҳисобга олинади, деган масаладан иборатдир.

Солиқларнинг  классик  назарияси, тўловчиларнинг  солиққа  қобиллиги биргина даромаднинг миқдори билан белгиланмайди, деб уқтиради, чунки биринчидан, соф даромадни аниқлашнинг ўзи муайян қийинчиликлар билан боғлиқ бу, айниқса, даромад бир неча манбадан олинса, яққол кўринади, турли жараёнлар хилма-хил харажатни кўп талаб қилади, шу сабабли уларнинг ҳаммасини инобатга олиш ва уларнинг даромадга кўрсатадиган аниқ, таъсирини аниқлаш ўта машаққатли ва умуман мумкин эмас. Шу заруратда, кўпгина ҳолларда мол-мулк эгаларининг мулки миқдорига қараб, уларнинг солиққа қобиллиги эътиборга олинади. Иккинчидан, субъектив муносабатда, солиқларнинг таъсирчанлиги бир хил даромад кўрадиган субъектлар учун даромад турига кўра, ҳар хил бўлиши мумкин. Булар тўғрисида иқтисодий адабиётларда даромадларни уларнинг келиб чиқиш манбаига қараб, фундлашган (пассив) ва фундлашмаганга (актив) бўлиш расм бўлган. 

Даромадлар ва мол-мулкни солиққа тортиш билан боғлиқ тўғри солиқлар иқтисодий адабиётларда солиқ тўловчининг мулкий ва ижтимоий мавқеига кўра шахсий ва реал солиқларга бўлинади.  

Шахсий солиқлар — солиқ тўловчининг мулкий ва ижтимоий аҳволига боғлиқ ҳолда белгиланадиган солиқлар бўлса, реал солиқлар — солиқ тўловчининг молиявий аҳволидан қатъий назар фаолият ёки товарларга, яъни мулк (хусусий мулк)ни сотиш, сотиб олиш, эгалик қилишга солинади. Тарихан реал солиқлар, бевосита солиқларнинг энг қадимги ибтидоий шаклида бўлган. Мол-мулк солиғи дастлаб асосан реал солиқлар шаклида амалиётда юзага келган. Бунда, қоидага кўра, мол-мулкнинг алоҳида турлари турли солиқлар: ер, мол-мулк уй, хунармандчилик ва пул сармояси солиқларига тортилган. Реал солиқлар асосида ташқи белгилар ётиб, улар ер майдонининг миқдори, қурилиш қиймати ёки унинг ижара тўлови ва бошқалар ташкил қилган. Реал солиқларда бир хил мол-мулкка эга бўлган шахслар, бир хил миқдорда солиқ тўлаганлар. 

Демак шахсий солиқлар солиқ тўловчи олинган ҳақиқий даромаддан тўланаса, реал солиқларга у ёки бу солиққа тортиш предмети ҳисобланган (кўчмас мулк)дан муайян иқтисодий шароитларда олинадиган тахминий ўртача даромад солиққа тортилади. Аввало реал солиқларга мол-мулк солиққа тортилиб, бундан уларнинг инглизча «реал» номи келиб чиқади.  

Таниқли рус тадқиқотчи А.Тривус реал солиқларга қуйидагича таъриф беради: «Реал солиқлар (у ёки бу объект — ер, корхона, уй, пул тарзидаги сармоя тўловчига таълуқлилиги омили бўйича) солиққа тортиладиган мулкнинг аниқ белгилари бўйича аниқланади, бу белгилар амалда тўловга қобиллик ҳақида эмас, балки меъёрий, «тахмин қилинадиган» тўловга қобиллик тўғрисида фикр юритиш имконини беради.»

Демак агар мол-мулкни солиққа тортиш реал солиққа тортиш тамойилига мувофиқ қурилган бўлса, унда ҳар бир алоҳида олинган мол-мулкнинг, умумий сони ва ҳажми, унинг умумий қийматидан қатъий назар ҳамда тўловчининг молиявий аҳволини ҳисобга олмасдан солиққа тортилади. Шахсий белгилар асосида қурилган мол-мулк солиғида эса, алоҳида олинган мол-мулк эмас, балки унинг умумий миқдори солиққа тортилади. Мол-мулк солиғидан ижтимоий эхтиёжларни қондирувчи мол-мулк озод қилиниш мумкин. Реал солиққа тортиш ўн тўққизинчи асрнинг охири ва йигирманчи асрнинг бошларида устивор бўлиб, кенг миқёсда қўлланилган.

Манашу даврдаёқ олимлар унинг камчиликларини кўрсатиб бердилар. Хусусан, олим Г.Садовский бу ҳақда шундай ёзади: «Ер ва уй-жой солиғи энг бой соҳиблардан ҳам, на бир қарич ерга ва на қурилишнинг битта ғиштига ҳам эгалик қила олмайдиган шахслардан ҳам бир хил ҳажмдаги фоизларда ундирилган». Юқорида санаб ўтилган камчиликлар солиқ тўловчининг тўловга қобиллигини ҳисобга олувчи даромад солиғининг жорий этилиши ва ривожлантирилиши ҳамда унга қўшимча мол-мулк солиғи киритилиши билан бартараф этилди.

Реал солиқларни ҳисоблаб чиқаришда одатда мол-мулкнинг ўртача даромадлилиги асос қилиб олинади. Шу боис мулкдорларни солиққа тортишдаги бир текислик кадастрлар (айниқса, ер кадастри) тизимига суянувчи яхши ташкил этилган баҳолашдагина таъминланиши мумкин. Бунинг учун корхоналар ва аҳолининг мол-мулкида кучли табақаланиш бўлмаслиги лозим. 

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ Ўзбекистон Республикасида 1991 йил 15 февралдаги «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида»ги Қонуни асосида жорий этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси асосида тартибга солиб турилади.

Хулоса ва таклифлар. Ўзбекистон солиқ тизимида юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўғри солиқлар таркибига киради ва моҳиятига кўра бу солиқ асосий фондлар шаклидаги ресурсларга нисбатан белгиланган солиқ ҳисобланади. Ушбу солиқ бўйича тушумлар суммаси тўлиқ маҳаллий бюджетларга тушади ва у бюджетнинг барқарор даромад манбаларидан бири ҳисобланади. 

Мамлакат солиқ тизимида мол-мулк солиғини жорий қилишдан кўзланган мақсад биринчидан, корхоналар ўзларининг хўжалик фаолиятини юритишда ортиқча ва фойдаланилмаётган мол-мулкини сотишга қизиқишини уйғотиш бўлса, иккинчидан, корхоналар балансидаги мол-мулкдан самарали фойдаланишни рағбатлантиришдан иборат. Чунки, корхоналарнинг маънавий ва жисмоний томондан эскирган асосий воситаларини янги, илғор технология-ускуналар билан янгилаши ишлаб чиқарилаётган товарларнинг баҳосини арзонлаштиради ва рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришга имкон беради. 

Ўзбекистонда корхоналар фаолиятини солиққа тортиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири корхоналарнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг жорий қилиниши бўлди. Мол-мулк солиғи дастлаб, Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 15 февралда қабул қилинган «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида» ги Қонунига асосан жорий этилди ва шу билан бирга корхоналарнинг ишлаб чиқариш фондларига тўлов ҳамда транспорт воситаларига солинадиган солиқ бекор қилинди.  

Ҳозирги вақтда ушбу солиқнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида» ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ҳамда бошқа солиқ қонунчилиги билан боғлиқ бўлган меъёрий хужжатлар ҳисобланади.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ асосан жойлардаги маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини шакллантириб, солиқ тўловлардан ундирилган солиқ суммаси тенг улушларда маҳаллий бюджетларга ўтказилади. Бир қанча иқтисодчилар мол-мулк солиғини ва бошқа ресурс тўловларини анча оширишни ва унинг ўрнига фойдага солиқ юкини камайтиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқдалар. Мазкур нуқтаи назар шунга асосланадики, яъни мол-мулк эгалари мол-мулкка, шу жумладан, асосий фондлар солиқлар миқдори оширилган вазиятда улардан фойланиш самарадорлигини устиришга интиладилар, бу эса ўз навбатида ишлаб чиқаришнинг ўсишига олиб келади. Мол-мулк солиғини солиқ тизимида жорий қилинишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатди.

Биринчидан, солиқларни ундиришнинг бош сабабчиси-давлат тақдим этадиган хизматларни молиявий ресурслар билан таъминлашдир. Шунга кўра мол-мулк солиғи солиқлар тизимида ҳар бир солиқ каби давлат бюджетининг манбаи ҳисобланади.

Иккинчидан, солиқларни ундириш асосан даромад ва мол-мулкни тақсимлаш сингари ижтимоий вазфаларни таъминлашга қаратилган. Бу нарса катта миқдордаги мулкдорлар билан кичик мулкдорлар мол-мулки ўртасидаги номувофиқлигини давлат молиявий ресурслари билан таъминлашидан кўра силлиқлаш имконини беради.

Учинчидан, бозор муносабатлари шарт-шароитларида мол-мулк солиғининг жорий қилиниши республика солиқ тизимининг жаҳон ва Европа солиқ тизимларига яқинлашуви бўлди.

Юридик шахсларнинг мол-мулкларидан солиқ ундириш механизми юзасидан қуйидаги таклифларни келтириш мумкин:

1-таклиф. Мол-мулк солиғининг рағбатлантирувчилик хусусиятини ошириш мақсадида илмий асосланган солиққа тортилмайдиган минимумни жорий этишдир. Бизнингча бу минимумнинг жорий этилиши эндигина ўз фаолиятини бошлаган, иқтисодиёт учун муҳим тармоқда фаолият юритаётган корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолиятини бирмунча яхшилашга хизмат қилган бўлар эди. Корхона имтиёздан бўшаган маблағни ишлаб чиқаришга қайта ташлаши натижасида эса унинг келгусидаги солиқ базасини кенгайтирилишига эришилади. Келгусида солиққа тортиладиган базанинг кенгайишидан эса давлат бевосита манфаатдордир. Бугунги кунда эса ривожланган мамлакатларда бу амалиётдан кенг миқёсда фойдаланилмоқда. 

2-таклиф. Солиқ ставкасини, даврий қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда белгилаш (камайтириш). Бу бир томондан солиқ тўловчининг тўловга қобиллигини ҳамда иккинчи томондан солиққа тортиладиган мол-мулк миқдорини ҳисобга олишни тақозо этади.

3-таклиф. Амалдаги қоидаларга кўра ҳозирда мол-мулк солиғи тўловчиларнинг аксарияти бир хил даражадаги солиқ ставкаси бўйича солиққа тортилмоқда. Бу, ўз навбатида, солиқ тўловчиларга нисбатан бир хил ёндашилаётганлигидан далолат беради. Солиқ тўловчиларга нисбатан бир хил талаб қўйилиши, ўз навбатида, уларнинг барчаси бир хил шароитга эга бўлган тақдирда ўз маъносига эгадир. Шунинг учун, мол-мулкдан олинадиган солиқ ставкасини солиқ тўловчилар мол-мулкини қайта баҳолаш натижалари ва самарадорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда белгилаш мақсадга мувофиқдир. 

4-таклиф. Бизнинг назаримизда мол-мулкни солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришнинг иккинчи босқичи бўлиб, бунда солиққа тортиш мақсадида ягона объектни ўрнатилиши бўлиши мумкин, у ягона солиққа тортиладиган мажмуа сифатида, солиққа тортиладиган база ўз ичига ер участкаларини (шартли равишда ернинг баҳосини ишлаб чиқиш билан) ва асосий фондларни қийматини олиб, бир хил солиққа тортиш базасига эга бўлган ер ва мол-мулк солиқларини объектини (кўчмас мулкга) бирхиллаштиришдан иборат.

 Рахимов Сойибжон

 Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси

СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШДА УЧИНЧИ ШАХС КАФОЛАТЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ АСОСЛАРИ

Аннотация: Мақолада солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлашда учинчи шахс кафолатларини расмийлаштириш тартиби назарий ва ҳуқуқий асослари, унинг асосий тушунчалари ва моҳияти, унинг мазмуни ва турлари асос сифатида ўрганилди. Солиқ соҳасидаги олимларнинг қарашларига этибор қаратилиб улар орасидаги фарқлар ўрганилди. Кафиллик бўйича шартнома имзолаш шартлари ва у бўйича вужудга келадиган мажбуриятлар таҳлил этилиб бу бўйича тавсия ва таклифлар берилди.

Калит сўзлар: солиқлар, солиқ мажбурияти; учинчи шахс; кафиллик, кафиллик шартномаси, кафиллик мажбуриятлари.

Кириш. Умуман олганда солиқ ҳамма даврда ҳам давлат хазмасим тўлдинш ҳамда амалдорлар ёки давлат вазифа ва функцияларини амалга ошириш ҳамда жамият эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида йиғилган. Шунингдек, давлат даромадининг асосий манбаи бўлган.

Ҳозирги вақтда давлатнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида энг долзарб муаммолардан бири — бу солиқ муносабатларини тартибга солиш масаласидир. Бирон бир давлат солиқларсиз мавжуд бўлиши мумкин эмас. Солиқлар, маълум бир маънода, давлатнинг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади.[9], [10]

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши керак. 2019 йилдан бошиаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин. Афсуски, ялпи ички маҳсулотда «яширин» иқтисодиётнинг улуши катта бўлиб, бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. [2], [5]

Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили. Солиқлар тарихда инсон цивилизацияси билан бирга ривожланиб, унинг ажралмас қисми ҳисобланади. Солиқламинг иқтисодий муносабатларда асосий ўринга чиқишига, авваламбор, давлатнинг шаклланиши, жамоаларнинг синфларга бўлиниши, қадимги ижтимоий тузумнинг вужудга келиши ҳамда уламинг маълум молиявий манбага эҳтиёж сезишлари сабаб бўлган.

Инглиз иқтисодчиси С. Паркинсон сўзи билан айтганда: — Солиқлар кўҳнадир — худди дунёдек, унинг юзага келишида қачондир бир маҳаллий қўмондоннинг ўз ҳудудидаги дарё ёки тоғдан савдогар ҳамда саёҳатчи ўтса улардан ҳақ олиши сабаб бўлган.[3], [6]

Пол Мари Годменинг фикрига кўра, «солиқ тушунчасида мажбурийлик элементи шунчалик буюкки, бу мажбурийлик хусусиятига эга бўлмаган тушумламинг солиқ соҳасидан истисно этилишига олиб келади» [8] Айрим мамлакатларнинг ҳозирги замон солиқ тизимида қонун кучи билан мажбурий бўлмаган солиқлар ҳам мавжуд бўлиб, бу — черков солиғи ҳисобланади. Уларни ижро этиш диний меъёрлар билан таъминланади.[7] Масалан, мусулмон давлатлари (Яман, Саудия Арабистони, Покистон ва бошқалар) да давлат дини етарлича ривожланган бўлиб, давлат томонидан санкцияланган диний солиқ меъёрлари умумдавлат меъёрлари бўлиб қолмоқда. [15] Хусусан, бундай тўловлардан бўлган ислом солиқлари (закот, закот ал фитр, ушр) Қуръонга мувофиқ равишда ундириб олинади ва улар чет эллардаги мусулмон жамоаларини қўллаб-қувватлаш, кам таъминланганларга ёрдам бериш ва бошқа мақсадларга йўналтирилади. [4] Солиқлаrnинг муҳим юридик белгиси улами белгилаш ва жорий этиш тартиби ҳисобланади. Солиқлаrnи белгилаш ҳамда улами ундириб олиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шартларда амалга оширилади. [13], [14], Шу муносабат билан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳар қандай мажбурий тўловлар солиқ ҳисобланиши мумкин эмас. Солиқламинг юридик моҳиятини ташкил этувчи яна бир белгиси шундан иборатки, уларни тўлаш орқали олдиндан қонунчиликда белгиланган тартибда даромаднинг бир қисми давлат фойдасига ундириб олинади. Давлат давлатнинг буджет тизими даромад қисмига ўтказиладиган солиқлар миқдори ва уларни тўлаш муддатларини белгилайди, қонунда белгиланган кўрсатмаларни бузган солиқ муносабатлари субъектларига нисбатан жавобгарлик чораларини қўллайди.

Тадқиқот методологияси. Мақолада қуйидаги метод ва усуллар қўлланилди: дедукцион ва индукцион белгилаш, солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлашда учинчи шахс кафолатларини расмийлаштириш тартиби бўйича фактор таҳлили ва этакчи олимлар фикрлари ўрганиш.

Таҳлил ва натижалар. Юқорида айтиб ўтилганидек солиқларни белгилаш ҳамда улами ундириб олиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шартларда амалга оширилади.

Солиқ мажбуриятининг бажарилиши мол-мулк гарови, кафиллик, банк кафолати, пенялар, банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларнинг тўхтатилиши ва солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш билан таъминланиши мумкин.

2019 йилда янги таҳрир қилинган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексининг олинган мавзу доирасидаги дахлдор моддаларини ўрганилди жумладан Кодекснинг «108-моддаси Кафиллик» деб номланиб ушбу модда шахсларнинг кафиллиги билан бўғлик муносабатлар солиқ обекни нуқталари ёритилган.[1], [11], [12]

Бундан ташқари «97-модда. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартиришнинг умумий шартлари», «99-модда. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли органлар», «101-модда. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби», «106-модда. Солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш усуллари», «120-модда. Солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги умумий қоидалар», «161-модда. Таъминлаш чоралари», «244-модда. Солиқ солишдан озод этиладиган молиявий хизматлар», ва «310-модда. Фоизлар ва айрим чиқимлар бўйича харажатлар» да ҳам кафиллик муносабатларига назарда тутилган, маълум, изоҳлар ва шартлар берилган.[1]

Солиқ бўйича мажбуриятини бажариш муддатлари ўзгаришлари амалга оширилган тақдирда ва Солиқ Кодекси бўйича назарда тутилган бошқа ҳолларда солиқ тўлаш мажбуриятини бажариш бўйича кафиллик билан таъминланиши мумкин айтилган.

Солиқ кодекси бўйича кафил, агар солиқ тўловчи унга белгиланган солиқлар бўйича белгиланган суммаларини ва тегишли пеняларни қонун билан белгиланган муддатда тўламаса, солиқ тўловчининг солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини кафил ўз зимасига олади.

Кафиллик фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органи ва кафил ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилади.

Солиқ тўловчи кафиллик билан таъминланган солиқни тўлаш бўйича мажбуриятини бажармаган тақдирда, кафил ва солиқ тўловчи солидар жавобгар бўладилар.

Тўланиши бўйича мажбурият кафиллик билан таъминланган солиқ белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ органи солиқни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати тугаган кундан эътиборан беш кун ичида кафиллик шартномаси бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисида кафилга талабнома юборади.

Агар кафил кафиллик шартномаси бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабномани белгиланган муддатда бажармаса, солиқ органи ушбу Солиқ Кодекснинг “15-боб. Солиқ қарзини ундириш” бўйича назарда тутилган тартибда ва муддатларда ушбу кафилдан тўлаш мажбурияти унинг кафиллиги билан таъминланган суммаларни мажбурий равишда ундириш чораларини қўллайди.

Кафил шартномага мувофиқ ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаргач, кафил томонидан тўланган суммаларни, шунингдек шу суммалар бўйича фоизларни ҳамда солиқ тўловчининг мажбуриятлари бажарилиши муносабати билан кўрилган зарарларнинг ўрни қопланишини солиқ тўловчидан талаб қилиш ҳуқуқи унга ўтади.

Солиқ маъмурчилиги бўйича кафиллик – солиқ таъминотининг бўлиб, унда кафил солиқ тўловчининг қарздор суммаси тўлаб беришни ўз бўйнига олади.

Банк маъмурчилиги бўйича кафиллик – кредит таъминотининг бир тури бўлиб, унда кафил кредитни қарздор томонидан тўлиқ ёки қисман тўланишига кафолат беради, акс ҳолда, кафилнинг ўзи кредитни кафиллик суммаси доирасида тўлаб беришни ўз бўйнига олади. Банкнинг ички тартибидан келиб чиққан ҳолда, кредит таъминоти учун кафилликни қабул қилишга лимит ўрнатилиши мумкин, масалан, 50 млн. сўмдан юқори кредитларга кафилликдан бошқа таъминот турлари талаб этилиши мумкин.[16], [17]

Суд маъмурчилиги бўйича кафиллик — жиноят процессида эҳтиёт чораларидан бири. Суриштирирувчи, терговчи, прокурор ёхуд суд томонидан айбланувчига ва судланувчига нисбатан, улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниши, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиши ёки жиноий фаолият билан шуғулланишининг олдини олиш учун қўлланади. Кафилликни муайян шахс, жамоат бирлашмаси ёки жамоа беради. Кафилликка берилаётган шахс қандай жиноят қилганликда айбланаётгани ва қандай жазога тортилиши қақида Кафилликка олувчига тушунтирилади ва ундан тилхат олинади. Кафилликка олувчи Кафилликдан воз кечишга ҳақяи. Кафилликка олган шахс ўз мажбуриятини бажармаса, қонун бўйича жавобгарликка тортилади (Ўзбекистон Республикаси МЖК, 208-модда).

Ўзбекистон Қонунчилиги бўйича юридик ва жисмоний шахс кафил бўлиши мумкин, лекин солиқни тўлаш бўйича битта мажбуриятга нисбатан бир вақтнинг ўзида бир нечта кафилнинг иштирок этиши мумкун ва бунга йўл қўйилади.

Солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш бўйича чора сифатида кафиллик белгиланишида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан, агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик қонун ҳужжатларининг қоидалари қўлланилади.

Кафиллик шартномаси бошқа шахснинг кредитори ва кафил ўртасида тузилади, кафиллик шартномаси бўйича мажбуриятнинг мазмуни қарздор асосий мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда кафилнинг қарздор билан бирга кредитор олдида жавоб бериш мажбурияти ҳисобланади.

Кафиллик алоҳида шартнома билан расмийлаштирилиши, шунингдек кафиллик тўғрисидаги шартлар улар билан қайси шартнома мажбуриятлари таъминланаётган бўлса, шу шартномага киритилиши мумкин. Бундай ҳолда шартнома кредитор, қарздор ва кафил томонидан имзоланади.

Хулоса ва таклифлар. Кафилнинг жавобгарлиги унинг қайси кўринишидан қатъий назар у томонидан имзоланган шартномада барча шартлар кўрсатилиши ва белгиланиши керак. Яъни, унинг мажбуриятлартлари ўрнатилган, ҳолат биринчи навбатда қарздордан қарзни ундириш учун чоралар кўриши, қарзни кафилдан тўлашни талаб қилиши тартиби. Агар жавобгарлик белгиланган бўлса (бу энг кўп қўлланиладиган ҳолат), тўсатдан қарздордан ва кафилдан қарзни тўлашни талаб қилади холатлар аниқ белгиланиши лозим. Кўринишидан, солиқ оргалари ўзлари учун қулай шаклни танлайдилар, деярли ҳар доим кафолат берувчи қатъий жавобгарлик белгиланадиган шартларни белгилайди. Яъни, агар қарздор қарзни ўз вақтида тўламаса, солиқ мажбуриятини, қарзни ҳатто кафилдан тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Қандай бўлмасин, кафил барча мол-мулк билан қарздорлик учун тўлиқ жавобгардир.

Аксарият ҳолларда солиқ органлари янада қулай тўлов амалиётидан фойдаланадилар, солиқ қарзини кафил ҳисоб рақамидан (банк картаси) дарҳол ҳисобдан чиқаришга рози бўладилар. Агар солиқ мажбуриятини солиқ тўловчи ўз вақтида қарзни тўламаган бўлса, қарз тўғридан-тўғри кафил ҳисобидан олинади.

Кўп одамлар, кафилик шартномасини жидий қабул қилмайдилар, шартнома тузиш сўнг, ва осонлик билан уни рад қилиш мумкин, деб ўйлайдилар, лекин аслида бундай эмас. Кафолат шунингдек, қарздор томонидан кафолат мажбуриятлари бўйича мажбурият олади. Қонунга кўра, шартномани бир томонлама бекор қилиш, яъни кафолатни бир томонлама рад этишга йўл қўйилмайди. Мисол учун, агар кафил шартнома тузилгандан кейин ишдан чиқса, касал бўлиб қолса, қарздор билан жанжаллашса (қарз олган томон), кафил ҳали ҳам ўз кучида қолади. Кафолат шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун солиқ органи билан келишиш керак бўлади ва солиқ органи ҳеч қачон ўз вазифасига зиён этказмайдиган шартлар белгилайди. Кафолат муддати шартнома мажбуриятлари бошқа шахсга ўтказилганда ёки кафолат муддати тугаганидан кейин тугайди. Яна бир усул-кафилни алмаштириш учун мурожаат қилишдир, агар томонлар келишиб қолса, кафилни бошқа шахсга алмаштириш мумкин.

Шундай қилиб, агар сиз дўстингиз, қариндошингиз, танишингиздан солиқ мажбуриянлари бўйича кафил бўлишни таклиф қилсангиз, қуйидагиларни ҳисобга олинг:

кафил бўлиш солиқлар бўйича барча мажбуриятларни олишни англатади. Шуни ёдда тутинг, агар қарздор дўстингизнинг солиқ мажбуриятларини тўлай олмаса, уни ўзингиз тўлашингиз керак бўлади ва бундай вазият юзага келиши эҳтимоли кам;кафил бўлишдан олдин, солиқ миқдори, пениялар, муддатлар, шартноманинг бошқа муҳим шартлари, шунингдек солиқ тўловчининг молиявий ҳолати, солиқларни тўлаш имконияти, унинг шахсияти, яшаш жойи тўғрисида аниқ маълумотни ўқинг;агар солиқ тўловчи сиз ишонадиган, адолатли ва солиқларни тўлаш имкониятига эга бўлган шахс бўлса, кафиллик шартномасини тузинг.

Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси

Мадрахимов Фахриддин

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш мумкинми?

Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш, шунингдек, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга оид муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги
ПФ-6243-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24 ноябрь 2021 йилдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 709-сонли қарори билан Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага беришнинг маъмурий регламенти ҳам тасдиқланди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш деганда нимани тушунамиз?

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ижара ҳақи эвазига иккиламчи ижарага олувчига белгиланган муддатга фойдаланиш учун бериш тушунилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари иккиламчи ижарага ихтиёрийлик асосида иккиламчи ижарага берувчининг ташаббуси билан иккиламчи ижарага олувчининг розилигига кўра фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида берилади.

Ушбу Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан тадбиқ этилади:

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан агросаноат кластерлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига ижарага берилган ер участкаларига;

давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан Қуролли Кучлар, чегара, ички ишлар ва темир йўл қўшинларининг ҳарбий қисмлари, ҳарбий таълим муассасалари, ташкилотларига берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига (ўрмон фонди ерлари бундан мустасно);

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган ва улар томонидан фойдаланишга киритилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига.

Қуйидаги ер участкалари иккиламчи ижарага берилмайди:

деҳқон ва томорқа хўжаликлари берилган ер участкалари (Ер кодекснинг 243-моддасига мувофиқ вақтинча фойдаланишга берилиши мумкин);

жамоа боғдорчилиги, полизчилиги ва узумчилиги учун берилган ер участкалари;

инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ижарага берилиб, фойдаланишга киритилмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари.

Шартнома иккиламчи ижарага берувчи ва иккиламчи ижарага олувчи ўртасида ёзма шаклда, қоғоз ёки электрон ҳужжат шаклида тузилади.

Қоғоз шаклидаги шартнома камида 4 нусхада тузилади.

Қуйидаги ҳолларда шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади:

мурожаат ваколатсиз шахс томонидан имзоланган ёки умуман имзоланмаган тақдирда;

иккиламчи ижарага берилаётган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи ижарага берувчига тегишли бўлмаганда;

иккиламчи ижарага берилаётган ер участкаларига бўлган тегишли ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмаганда;

иккиламчи ижарага бериш шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлов амалга оширилмаганда;

қонунчиликка мувофиқ кўрсатилган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш мумкин бўлмаганда.

Хулосада рад этиш асослари аниқ кўрсатилиши шарт.

Мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳолатлар асосида шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилишига йўл қўйилмайди.

Ваколатли орган қароридан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишлари мумкин.

Демак, юқоридаги ваколатли органнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб билан маъмурий судга шикоят қилинади ва бундай низолар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг фақат фойдаланишга киритилган қисми иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

Шартнома тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ёки суд тартибида бекор қилиниши мумкин.

Тарафлар ўртасида шартнома шартларидан келиб чиқадиган низолар ҳамда шартномани бекор қилиш, ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар эса маъмурий суднинг судловига тааллуқли ҳисобланмайди.

Наманган вилояти маъмурий судининг раиси

Зарипахон Курбонова

Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонларини ажратиш қандай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 08 июнь кунги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони билан ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги ҳуқуқий асоси яратилди.

Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланди, шунингдек, 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-708-сонли қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, мазкур Кодекснинг 23-моддаси янги тахрирда қабул қилиниб, ушбу модданинг иккинчи қисми 1-бандида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) яъни, мулк қилиб бериш – қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сонли қарори, шу жумладан, ушбу қарорга 1-илова “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган деб топилди. 

Шунингдек, юқоридаги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 27-моддаси ҳам янги тахрирда қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади.

Киритилган ушбу ўзгартишга мувофиқ, Ер кодекси 27-моддасининг олдинги тахририда белгиланган, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари бериш тартиби бекор қилинди.

Бундан ташқари, Ер кодексининг 6-моддасида назарда тутилган туман (шаҳар) ҳокимларининг ер муносабатларига оид айрим ваколатлари, жумладан фуқароларга, юридик шахсларга эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, шунингдек ерларни олиб қўйишга доир ваколатлари бекор қилинди. 

Шунингдек, 2021 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунниг
3-бобида доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фукароси томонидан – якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан хусусийлаштириш тўғрисида ариза берилади. Ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара ҳуқуқи тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсларига ўтганда уларга мазкур ер участкасини хусусийлаштиришга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади. Ариза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали оркали берилади. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Ариза ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос бўлади. Аризани кўриб чиқиш Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофик автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш натижаси ижобий ёки салбий қарорни ўз ичига олиши мумкин бўлган хабарномадан иборат бўлади. Ижобий қарор мавжуд бўлган хабарнома хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини аризачи томонидан тўлаш учун асосдир. Салбий қарор мавжуд бўлган хабарномада ер участкасини хусусийлаштириш мумкин эмаслигининг асослантирилган сабаблари шаҳарсозлик ҳужжатларининг аниқ талабларига ёки қонунчилик нормаларига ҳавола қилинган ҳолда кўрсатилади.

Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Наманган вилояти маъмурий судининг судьяси

Турдиев Одилжон Шербаевич

Фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг роли кучайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз лавозимига киришишига бағишланган 2021 йил 6 ноябрь куни бўлиб ўтган тантанали маросимда муҳтарам Президентимиз ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш максадида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари”деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон бўлишини таъкидлаган эдилар.

Шу максадда, 2022 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараккиёт стратегияси тўғрисида” ги фармони кабул қилинди.

Тараккиёт стратегиясида белгиланган устивор вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2022 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субьектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора- тадбирлари тўғрисида” ги 107-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва конуний манфаатлари самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши таъкидланган ҳолда, маъмурий судларнинг ролини кучайтиришга қаратилган бир қатор тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгилашни, жумладан:

маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга оширишни, бунда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субьекти далилларни йигишда факат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратган ҳолда, маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий холатини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш;

маъмурий суднинг судловига таалллуқли ишлар доирасини кенгайтириб, фуқаро ёки тадбиркорлик субьектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам билдириш ҳуқуқини бериш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

суднинг қарор ижросини муққаррарлигини таъминлаш, ижро институтини янада такомиллаштириш мақсадида маъмурий суднинг хал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ижро килинмаган тақдирда, суд жарималарини кўллаш, хал килув карорининг такроран ижро қилмаганлиги учун дастлабки кўлланилган суд жаримасини ўсиб борувчи миқдорини қўллаш. Бундан кўзланган мақсад суд қарорини амалда ижросини таъминлаш эканлиги;

Процессуал ҳуқуқ назариясида тарафлар ўртасидаги келишув институти ишларни тез ва самарали кўриб чиқилишини таъминлайди. Бироқ, маъмурий суд ишларини юритиш қонунчилигида тарафлар ўртасида келишувни тасдиқлаш назарда тутилмаган эди. Мазкур қарор билан маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий килиш таклиши илгари сурилмоқда. Бу билан тарафларни келишув битими ёки медиатив келишувни тузиш йўли билан низони барҳам топишига имкон берилмокда.

Мазкур қарор билан шундай тартиб белгиланмокдаки, энг аввало фуқароларни ва тадбиркорларни судда ортиқча сарсон бўлмаслигини олдини олиш мақсадида судлар томонидан даъво ариза, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, мазкур ҳолатда даъво ариза, ариза, шикоят ёки ишларни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш йўли орқали

ягона дарча тамойилини судларга жорий этиш белгиланмокда.

Фуқаролик процессул ҳуқуқида исботлашдан озод қилиш асослари берилган бўлиб, унга кўра суд ҳаммага маълум деб топган ҳолатлар исботлашга муҳтож эмаслиги белгиланган бўлиб бироқ, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар исботлашдан озод килиш асослари сифатида кўрсатилмаган эди. Қонунчиликка берилган таклиф билан маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал килув карорида аниқланган ҳолатларни бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий эканлигини белгиланмокда.

Ислохотлардан кўзланган мақсад “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришдан иборатдир.

Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси

Рахимов Сойибжон Абдусамадович

Skip to content