Маъмурий судга мурожаат қилишда қонунчиликдаги имтиёзлар
Янги таҳрирда қабул қилинган конституциямиз аввал инсон, сўнгра жамият ва кейин давлат деган ғояга асосланган бўлиб, аввало инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида биринчи ўринга қўйилган.
Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар орқали ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланди.
Шу ўринда, жисмоний ва юридик шахслар маълум бир давлат органи ёки маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширувчи органнинг қарори ёки мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан маъмурий судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби қонунчиликда кўрсатиб ўтилганлигини айтиб ўтиш лозим.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига кўра, тадбиркорлик субъектлари — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;
жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилган бўлиб, давлат божи ишнинг якунига кўра ҳужжати ҳақиқий эмас деб топилган ёки хатти-ҳаракати қонунга хилоф деб топилган давлат органидан ёки арз талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган тақдирда судга мурожаат қилувчилардан мутаносиб тарзда ундирилади.
Бунда, агар судга мурожаат қилувчи жисмоний шахсларнинг арз талаби қаноатлантирилиши рад этилган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши қонунчиликда кўрсатиб ўтилган.
Ушбу имтиёз ва имкониятлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилишдаги тўсиқларни камайтиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш имконини оширишга хизмат қилади.
Наманган туманлараро маъмурий судининг раиси
Озодбек Зиёвиддинов
Хусанбоев Бобуржон, судья ёрдамчиси