ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИ КЕРАК

Ўзбек миллий давлатчилигининг асосий моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида белгиланганидек давлатнинг “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, деб белгиланганида. Шундай экан, инсон доимо қонун муҳофазасида бўлади. Конституциямизнинг 13-моддасига кўра “…инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Конституцяининг 19-моддасига кўра “…Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, инсоннинг қонунларда белгилаб қўйилган ҳар қандай ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, ҳуқуқлари бузилганда эса суд томонидан тиклаб қўйилиши лозим. Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги илоҳотлар марказида айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, унинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда мансабдор шахсларни инсонга хизмат қилдириш, одамларни рози қилиш, давлат бошқаруви ва қонунчилик асосларини мустаҳкамлашда жамият аъзолари манфаатларини ҳурмат қилиш ётади.

Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири – бу суд ҳокимиятининг амалда мустақиллигини таъминлашга эришишдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак деб ўринли таъкидлаган эди. Яъни, одамлар ҳуқуқлари бузилганда судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишига ишонишлари керак.

Бундай муҳим тадбирларнинг белгиланиши ва  янги тартибларнинг жорий этилаётгани, аввало, инсон ҳуқуқларини фақат суд орқали ҳимоя қилишга эришишга қўйилган қадамдир. Конституциямизда белгиланганидек “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас” (25-модда), “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади” (26-модда).

Инсоннинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этиш мақсадида янги тартиб, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш институти жорий этилмоқда. Яъни судда жиноят иши кўриб чиқилаётганда шахсни айблашга етарли асослар мавжуд бўлмаса ёки унинг айби тасдиқланмаса ушбу тартибга риоя этиш талаб этилади. Бу жиноят ишини қўшимча терговга юбориш ёки жиноятни қайта малакалашга йўл қўйилмайди, дегани. Бежизга халқаро ҳужжатларда “инсон бир марта суд терговига тортилиши принципи” асосий талаб сифатида белгилаб қўйилмаган.

Наманган вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Х.Нематжонов

Наманган вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Ш.Холхўжаев

Адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шарти

Адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир. Ўтган даврда Ўзбекистонда бу борада катта ишлар амалга оширилди.

Айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар турибди.

Келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарур. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қиламиз. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаймиз.

Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади.

Яна бир муҳим масала – сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик. Шу мақсадда Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам фаол иш олиб бормоқда.

Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз.

Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади.

Лекин ҳаммамиз яхши тушунамизки, коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина курашиб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунинг учун фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш – боғча ва мактабдан тортиб олийгоҳгача, барча таълим муассасаларининг, ҳар бир оиланинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши керак.

Барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат.

Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак.

Наманган вилоят маъмурий судининг бош консультанти Б.Эргашев

Наманган вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Ш.Холхўжаев

Skip to content