“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг мазмун-моҳияти

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланмоқда, шунингдек мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Наманган туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                              Элёрбек Суяров

Наманган туманлараро маъмурийсудининг судья ёрдамчиси                     Шерзодбек Каримов

Оммавий ҳуқуқ тушунчасининг вужудга келиш ва ривожланиш тарихи

Рим ҳуқуқи инсоният тарихида ҳуқуқ соҳаларини ва умуман ҳуқуқ тизимини шаклланиши ва ривожланишининг асосини ўзида акс эттириб ҳуқуқий маданиятнинг муҳим жиҳатларидан бирини, яъни Рим юриспруденциясини ташкил этган.

Рим ҳуқуқи Рим қулдорлик давлатининг, алоҳида шахсларни, фуқароларнинг мулкий муносабатларини ва мулк билан боғлиқ бўлган шахсий номулкий тусдаги ҳамда умуман мулк билан боғлиқ бўлмаган бошқа шахсларга ўтказиб бериб бўлмайдиган шахсий номулкий муносабатларини ҳамда оилавий ҳуқуқий муносабатларини тартибга солган.

Қадимги Рим жамиятида дастлаб ҳуқуқ соҳаларидан биринчи бўлиб, фундаментал ҳуқуқ соҳаси сифатида фуқаролик ҳуқуқи вужудга келди. Дастлаб барча содир этилган ҳаракатлар, муносабатлар, одат нормалари, анъаналар, ота-боболар томонидан қолдирилган маросимлар, диний муносабатлар орқали тартибга солинган бўлса ҳам, лекин бу нормалар жамият ривожланишининг такомиллашиб бориши натижасида аста секинлик билан ёзма равишдаги муносабатларга ўта бошлади. Ана шундай асосда вужудга келган ёзма равишдаги муносабатлар дастлаб фуқаролик ҳуқуқий муносабатларини келтириб чиқарди ва уларнинг ҳаракат доирасини нихоятда кенг қилиб белгилади. Дарҳақиқат, вужудга келган барча ҳаракатлар, ҳатто жиноят элементлари билан боғлиқ ҳаракатлар ҳам дастлаб фуқаролик ҳуқуқий нормалари билан тартибга солиниб, фуқаролик ҳуқуқининг ривожланиши учун катта асос ва замин яратган.

Бундан икки минг беш юз йил илгари қулдорлик тизими асосида Рим қулдорлик жамиятида буюк Рим фуқаролик ҳуқуқи вужудга келган бўлиб, у икки қисмга, яъни оммавий (публичное) ва хусусий (частное) ҳуқуқларга бўлинган. Қадимги Римнинг машҳур тарихчиси Тит Ливий (янги эрамизнинг 1 асри) Римдаги мавжуд бўлган одат нормаларидан келиб чиққан ёзма қонун «XII Жадвал» қонунига оммавий ва хусусий ҳуқуқнинг ҳам манбасидир деб ҳақиқий таъриф берган эди.

Дастлаб оммавий (ius publicum) ва шахсий ҳуқуқларнинг бўлиниши (ius privatum)ни Рим юристи Домиций Ульпиан томонидан амалга оширилган. Оммавий ҳуқуқ давлатга тегишли, шахсий ҳуқуқ эса алоҳида шахсларга тегишли. Римликларда давлат (res publica) юқори ижтимоий иттифоқ ҳисобланганлиги сабабли Ульпиан давлатга оммавий ҳуқуқни қўшган.

Кейинчалик ушбу тушунча бошқа юристлар томонидан кенгайтирилган. Оммавий ҳуқуқ тизимига давлатнинг расмий чегарасидан ташқари ижтимоий шакллар (черков, халқаро иттифоқлар) ҳам киритилган, бу эса давлат ҳуқуқини оммавий ҳуқуқнинг бир қисми сифатида тан олинишига олиб келинди.

Рим давлатида оммавий ҳуқуқ деганда давлат манфаатларини, эркини, унинг ҳуқуқий ҳолатини ҳимоя қиладиган унинг статуси билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалардан ташкил топган муносабатларга айтилган. Рим қулдорлик давлатининг машҳур юристларидан бири Домиций Ульпиан оммавий ва хусусий ҳуқуқнинг бир-биридан фарқини кўрсатиб таърифлайди: Оммавий ҳуқуқ-бу давлатнинг ҳуқуқий ҳолати (статуси) билан белгиланади, хусусий ҳуқуқ эса алоҳида шахсларнинг манфаати, фойдаси билан боғлиқ бўлган ҳаракатлардан ташкил топган. Бу таърифдан кўриниб турибдики, оммавий ҳуқуқ ҳақиқатан ҳам давлат манфаатини кўзловчи, уни ҳимоя қилувчи ҳуқуқий нормалар мажмуасидан иборатдир.

Умумий маънода классификацияга асос бўлган ёндашувлар ўзгармаган ва бугунги кунда ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмаган.

Ҳуқуқшунос М.Бартошекнинг аниқлашича, оммавий ҳуқуқ бу давлат томонидан ўрнатилганлиги сабабли барча учун мажбурий бўлган дастлабки барча ҳуқуқлар ҳисобланади.

Кейинчалик оммавий ҳуқуқнинг мазмуни ўзгариб, Республика даврида (милоддан аввалги 6-1 асрлар) оммавий ҳуқуқ-давлатга тегишли бўлган барча ҳуқуқлар, хусусан у давлат, маъмурий жиноий процессуал, диний ва халқаро ҳуқуқларни қамраб олган.

Рус ҳуқуқшуноси Н.П.Боголепов Римликларда ҳуқуқни оммавий ҳуқуқ ва хусусий ҳуқуқларга бўлиниши қироллик (милоддан аввалги
8 асрлар) даврида мавжуд бўлганлигини таъкидлайди. Шу даврдан Қадимги Рим тарихи бошланган.

Н.П.Боголеповнинг “Рим ҳуқуқининг тарихи дарслиги”да Рим ҳуқуқининг ривожланиши институтлар бўйича эмас балки оммавий ва хусусий ҳуқуқнинг ривожланишида намоён бўлган ўзига хос хусусиятларга эга бўлган даврлар бўйича белгиланган. Хусусан, қироллик даври-Республиканинг биринчи ярми, классик ҳуқуқшунослар даври Республиканинг иккинчи ярми, Юстианнинг ҳукмронлигини тугашига қадар 284 йилдан 565 йилгача. Н.П.Боголепов оммавий ва фуқаролик ҳуқуқларини ажратмаган, лекин шу билан бирга схема шундай ифодаланган-ки, ҳар бир даврда оммавий ҳуқуқнинг институтлари аниқ кўриб чиқилган (давлат ҳуқуқи, ҳуқуқнинг манбаи, фуқаролик ҳуқуқи, фуқаролик суди ва бош.).

Рим ҳуқуқи инсоният тарихида ҳуқуқ соҳаларини ва умуман ҳуқуқ тизимини шаклланиши ва ривожланишининг асосини ўзида акс эттириб ҳуқуқий маданиятнинг муҳим жиҳатларидан бирини, яъни Рим юриспруденциясини ташкил этган.

Қадимги Римнинг классик даврини ушбу даврда юриспруденция ва суд амалиётида ҳуқуқнинг хусусий ва оммавий ҳуқуқларга бўлиниши билан таърифлаш мумкин. Хусусий ҳуқуқ бу алоҳида шахслар манфаатида, оммавий ҳуқуқ эса Рим давлати манфаатида бўлган. Хусусий манфаатларни ҳимояси фақатгина манфаатдор шахсларнинг ташаббуси билангина амалга оширилган. Оммавий ҳуқуқ императив характерга эга бўлиб, бу ҳуқуқ бўйсунув муносабатни ўзида жамлаган. Рим юристларининг фикрига кўра оммавий ҳуқуқ хусусий ҳуқуққа нисбатан юқори даражада эканлиги, чунки оммавий ҳуқуқ жамият манфаатларини ифода этишлигини кўрсатишган. Хусусий келишувлар оммавий ҳуқуқни ўзгартира олмайди.

Оммавий ҳуқуқ давлат статуси билан боғлиқлигини, хусусий ҳуқуқ эса алоҳида фуқароларнинг эрки, иродаси ва манфаатига доир ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган.

Хусусий ҳуқуқ алоҳида шахсларнинг эрки, иродаси ва манфаатларини кўзлар экан, у энг аввало ҳуқуқ субъектларининг ихтиёрий равишда мустақил ўз хоҳиш-иродаларининг, автономия, эркин рақобат, фуқароларнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш ёки қилмаслигини ўзи ҳал этишини, даъво қилиш ёки рад этиш, меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш каби ва бошқа бир қатор муносабатларга киришиш ёки киришмаслигини ўз ихтиёри, эрки асосида амалга оширишини таъминлайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин ки, ҳақиқатан ҳам Рим ҳуқуқи яхшилик, эзгулик, адолат ва қонунийлик тамойилларига асосланар экан улар учун қулдорлар, қуллар ва шу ҳудудда яшаб турган барча инсонлар ҳамда аҳоли тенг ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлганлар. Император Юстинианнинг Дигести (Рим ҳуқуқшунослари ишларининг тўплами)да «Тўғри яшамоқ, бошқа одамга зарар келтирмаслик, ҳар кимга ўзига тегишли бўлган нарсани бермоқ» деган сўзлардан шу мазмун келиб чиқадики, Рим ҳуқуқининг асосини яхшилик, адолат ва қонунийлик ташкил этган.

Наманган туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                      Бибихон Акбарова

Наманган туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси                        Мухаммаджон Йўлдашалиев

Skip to content