Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида баён этилганидек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Судлар томонидан кўрилган ер билан боғлиқ низолар юзасидан суд амалиётини умумлаштириш шуни кўрсатдики, мазкур тоифадаги ишлар бўйича судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси нормалари асосан тўғри қўлланилмоқда. Шу билан бирга ишларни тааллуқлилиги масаласида, ер участкасига бўлган ҳуқуқ ва уларни бекор қилиш, ер участкаларидан фойдаланиш тартибини белгилаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда хатоликларга йўл қўйилмоқда.
Юқорида баён этилган камчиликларни бартараф қилиш ҳамда ерга оид низоларни судлар томонидан ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси нормаларини тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида,
Ерга оид ҳуқуқий муносабатлар деганда — ер ресурсларини бошқариш, уни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари ажратиш, ер участкаларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш жараёнида келиб чиқадиган ҳуқуқий ва бошқа ашёвий муносабатлар тушунилади.
Судларнинг эътибори, давлат бошқаруви органлари, маъмурий органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг фуқароларнинг ер ҳуқуқий муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини бузувчи қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятлар маъмурий судларга тааллуқли.
Ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган қуйидаги низолар:
ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги ваколатли органнинг қарорини бекор қилиш ва у билан боғлиқ етказилган зарар ўрнини қоплаш;
ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва қайта сотиб олиш натижасида етказилган зарар ўрнини қоплаш;
ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда ёки ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда фойдаланилганида ер участкасини олиб қўйиш;
сервитутни белгилаш ёки бекор қилиш;
ер участкасига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқ бузилишларни бартараф этиш;
биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасидан фойдаланиш тартибини белгилаш ва уни бўлиш;
ер участкасини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш;
ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тугатиш;
Ер кодексининг 86, 87-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарар ўрнини қоплаш;
ер участкаларининг ижара шартномаси билан боғлиқ ва бошқа низолар даъво иш юритиш тартибида кўрилади.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади;
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 10-моддасининг 5-қисми ва 21-моддаси талабига мувофиқ ер участкасини бўлиш имконияти бўлмаса, бундай ер бир неча юридик ва жисмоний шахслар томонидан биргаликда эгалик қилинадиган ва фойдаланиладиган ер участкаси деб эътироф этилади, бу хол кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ва уларга доир битимларнинг давлат реестрида акс эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 62-моддасининг
4-қисми талабига мувофиқ, ер участкасининг ёхуд ундаги иморатнинг у ёки бу қисми коммунал хизматдан (ёритиш, канализация, трубопровод, суғориш қурилмалари ва шу кабилар), ер участкаларининг эгалари ёки ундан фойдаланувчилар эса, мустақил равишда ўзича ёки транспортда кириб чиқиш имконидан маҳрум бўлиб қоладиган бўлса, ер участкасининг бўлинишига йўл қўйилмайди.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда, судлар бундай ҳуқуқлар фақат Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасида кўрсатилган ҳолларда бекор қилинишига эътибор қаратишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддаси 1-қисмининг 6-11-бандлари асосида ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисидаги ваколатли органлар қарорларининг қонуний ва асослилиги масаласини ҳал қилишда, суд улар томонидан мазкур кодекснинг 38-моддаси талабларига риоя қилинганлиги ҳолатига баҳо бериши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддасининг 6-қисми талабига мувофиқ, ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори ер участкасига бўлган ҳуқуқларидан воз кечишидан яққол далолат берувчи хатти-ҳаракатлар (чет элга жўнаб кетганлик, ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслик) содир этган тақдирда, бу ер участкаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эгасиз мол-мулк тариқасида ҳисобга олинади. Бу ҳолатда ер участкаси бошқа шахсга берилгунга қадар, лекин эгасиз мол-мулк тариқасида давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан узоғи билан бир йил мобайнида ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдорининг Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг
40-моддасида белгиланган мажбуриятлари бекор қилинишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 30-моддасига асосан, сервитут, уни белгилашни талаб қилган шахслар билан ўзга ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ва мулкдори ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади. Агар улар сервитут тўғрисида ўзаро келиша олмасалар, унда сервитут чекланган тарзда фойдаланувчининг даъвоси бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан белгиланади. Сервитут белгиланиши ва унинг шартлари хусусидаги ишларни ҳал қилишда судлар, тегишли ваколатли органларни ишга жалб этишлари ва сервитут белгилаш юзасидан уларнинг хулосасини олиши шарт. Сервитут тўғрисидаги келишув давлат рўйхатига олиниши лозим. Ер участкаси бошқа шахсга ўтган вақтда сервитут сақланиб қолади. Сервитутни белгилашга сабаб бўлган асослар барҳам топса белгиланган сервитут бекор қилиниши мумкин.
Наманган вилоят маъмурий суди
судьяси: Қ.Тажиматов.
Судья катта ёрдамчиси: Ш.Холхўжаев.